АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Россия кучлари Сурия ҳудудида ИШИД террорчи гуруҳига қарши кураш олиб бормаётгани, балки бошқа ишлар билан бандлигини билдириб ўтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Сурия ва Россия қўшинлари ИШИД жангариларини мамлакат шарқига кўчириш борасидаги келишувни маъқуллаганидан сўнг коалиция вакиллари бу икки давлатнинг ИШИДга қарши кураш бўйича баёнотлари асоссиз ва бўш эканлигини таъкидлади.
«Коалиция Ливаннинг ‘Ҳизбуллоҳ’ ва Сурия режимининг ИШИД билан келишиувида томон ҳисобланмайди. Россия ҳамда режимни қўллаб-қувватловчи кучларнинг ИШИДга қарши кураш борасидаги баёнотлари бўш сўзлардир, улар террорчилар билан келишувга кириб, ўз назорати остидаги ҳудуддан транзит билан ўтишга рухсат бермоқда», — дейилади коалиция баёнотида.
Муқаддам Сурия ҳарбийлари «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан бирга Ливан чегарасидаги Ғарбий Каламун туманидан ИШИД қолдиқларини Сурия шарқига олиб чиқиш бўйича келишувни маъқуллагани маълум бўлди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)