Гамбургда кеча — 25 август куни старт олган бокс бўйича Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон делегациясидан биринчи бўлиб Санжар Турсунов рингга кўтарилди.
-91 килограмм вазн тоифасидаги боксчилар ўртасидаги мусобақада иштирок этаётган Турсунов мундиаллардаги илк жангини никарагуалик Жеффри Гонсалесга қарши ўтказди ва 5:0 ҳисобида устун келди.
Ўзбекистонлик боксчилар орасида фақатгина Санжар Турсунов иштирокини 1-босқичдан бошлаганди, қолган 9 боксчи мусобақаларга 2-босқичдан қўшилади.
Турсунов Тошкент мезбонлик қилган Осиё чемпионатида медаль ола билмаган ягона ўзбекистонлик бўлган. Ўшанда чорак финалда Олимпиада совриндори ҳисобланган қозоғистонлик Василий Левит Турсуновни енгишга муваффақ бўлганди, деб ёзди «Оламспорт» нашри.
Турсуновнинг Гамбургдаги кейинги рақиби аргентиналик Перальта Яра бўлади. Мазкур боксчи ЖЧда 4-рақам остида сараланган. Жанг 27 август санасига режалаштирилган.
Изоҳ (0)