Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 августдаги ПҚ-3172-сон қарори билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари қабул қилинди. Ҳужжат билан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси ва унинг марказий аппарати тузилмаси, шунингдек, вазирликнинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва туманлардаги ҳудудий бўлинмалари тузилмалари тасдиқланди, деб ёзади Uzbekistan 24.
Шунингдек, алоҳида рўйхат билан ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари тузилмасига кирадиган ташкилотлар келтирилган.
Бундан ташқари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2 та ташкилоти тугатилмоқда, яна 32 таси қайта ташкил этилмоқда. Шунингдек, қарор билан «Ўзсувтаъмирфойдаланиш» Республика бошқармаси таркибига кирувчи ташкилотлар рўйхати белгиланди.
Қатор объектлар давлат улушини ошириш ҳисобига баланс қийматида берилади:
- «Деҳқонсавдо» ДУК - «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХКнинг устав жамғармасига;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги «ММТП Агроинтехника» ДУК, Сирдарё вилоятидаги «ММТП ЮКО» ДУК -« Ўзагротехсаноатхолдинг» ХКнинг устав жамғармасига;
- «Биосифат» Республика марказий лабораторияси - «Ўзагрокимёҳимоя» АЖнинг устав жамғармасига.