Италия касалхоналаридан бирида жазирамада автомобилда қолдирилган 4 ёшли ўғил бола оламдан ўтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ҳодиса Верона яқинидаги Сан-Жованни-Лупатото шаҳарчасида 15 август, сешанбада, мамлакатда Феррагосто байрами кенг нишонланаётган куни рўй берди. Байрам ташвишлари билан овора ота-она ўғиллари йўқлигини дарров пайқамади, уни қидиришга тушганларида эса кеч бўлганди.
Бола уй ёнида, офтоб остида қолдирилган машинадан топилди. У ҳушсиз, оғир ҳолатда эди. Бола зудлик билан касалхонага етказилди, бироқ шифокорларнинг уринишларига қарамай, ўзига келмай вафот этди. Унинг ўлимига автомобиль салонидаги ўта юқори ҳарорат сабаб бўлгани билдирилди.
Италия карабинерлари ҳодисанинг барча тафсилотларини ўрганишга киришди. Улар дастлаб бола ота-онаси томонидан машинада унутиб қолдирилгани ёки автомобилга ўзи чиққанига аниқлик киритиш ниятида.
Изоҳ (0)