АҚШ бизнеси етакчилари мамлакат президенти Дональд Трампдан юз ўгиришда давом этмоқда. Президент ҳузуридаги маслаҳат органи бўлмиш АҚШ саноат кенгашидан кетишини бу сафар АҚШ ишлаб чиқарувчилари альянси президенти Скотт Пол маълум қилди, деб хабар беради «Коммерсант.ru».
Ўз навбатида, АҚШдаги энг йирик савдо тармоғи ва хусусий иш берувчи ҳисобланган Walmart бош директори Даг Макмиллон компания ходимлари орасида мурожаат тарқатиб, Шарлотсвиллдаги воқеаларга жавоб бераркан, президент Трамп «оқ ирқчиларнинг жирканч хатти-ҳаракатларини сўзсиз қоралаб, мамлакатни бирлаштириш имкониятини қўлдан бой берган»ини айтди.
Шу билан бирга, президентнинг бошқа маслаҳат органи — Стратегик ва сиёсий форумда ўтирувчи Макмиллон ундан кетмаслигини билдирди, негаки бу аъзолик унга мижозларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беради.
Илгари Трампнинг Шарлотсвиллдаги воқеаларга муносабатига эътироз ўлароқ кенгашни Merck фармацевтик, Intel технологик компаниялари ҳамда Under Armour спорт кийимлари ишлаб чиқарувчисининг раҳбарлари тарк этган эди.
Изоҳ (0)