Америкаликларнинг 47 фоизи Шимолий Корея раҳбариятига босим ўтказиш учун унинг ҳарбий ва ядро объектларига авиазарба берилишини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Politico нашри ўтказган сўровга таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Сўровда иштирок этган америкаликларнинг деярли учдан бири Пхеньянни ядро қуроллари ва ракеталар ишлаб чиқаришдан воз кечиши учун қуруқлик кучларини юбориш тарафдори.
Америкаликлар орасида Шимолий Корея ҳукуматига босим ўтказишнинг энг оммабоп йўли сифатида дипломатик кучайтиришлар (78 фоиз) ва қўшимча санкцияларни киритиш (73 фоиз) қолмоқда.
Трампнинг «агар КХДР томонидан АҚШга нисбатан реал хавф пайдо бўладиган бўлса, унга жавоб бериш» ҳақидаги ваъдасини сўровда иштирок этганларнинг 46 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Бундан ташқари, АҚШ аҳолисининг 49 фоизи Дональд Трамп Корейс яриморолидаги муаммони ҳал қилади, деб ҳисоблайди. Трампнинг муаммони ҳал қилишига гумон қилаётганлар 42 фоизни ташкил қилмоқда.
Сўровда иштирок этганларнинг 52 фоизи Трампнинг президентлик лавозимидаги ишидан норози. Унинг сиёсатига тарафдор бўлганлар 44 фоизни ташкил қилган.
Изоҳ (0)