Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни «Ўзбекистон 24» сайтида келтирилди.
Қарорда айтилишича, Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси фаолиятида замон талабларидан орқада қолиш, ижодий сусткашлик, ташаббускорликнинг етишмаслиги каби ҳолатлар кузатилмоқда. Уюшманинг молиявий аҳволи ва моддий-техник базаси билан боғлиқ муаммолар ҳам унинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бой мусиқа меросини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу йўналишда фаолият кўрсатаётган ижодий ташкилот ва жамоалар, композитор ва бастакорлар, хонанда ва созандалар, ёш ижрочилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг истеъдод ва маҳоратини рўёбга чиқариш, зарур моддий ва маънавий ёрдам бериш, соҳа вакиллари ўртасида самарали ижодий муҳит ташкил этиш бўйича кўпгина муҳим вазифалар ўз ечимини кутмоқда.
Юқорида қайд этилган долзарб муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида Бастакорлар уюшмаси фаоллар кенгаши томонидан Бастакорлар уюшмасини Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси сифатида қайта ташкил қилиш ҳақидаги қарори маъқулланди.
Қуйидагилар Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
халқнинг эстетик талаб ва эҳтиёжларини ҳар томонлама ҳисобга олган ҳолда, замонавий руҳдаги бадиий юксак асарлар яратиш, катта мусиқий асарлар, жумладан, опера, симфония, концерт ва оратория каби мумтоз жанрлар ривожига алоҳида эътибор қаратиш;
ёш композиторлар, бастакорлар ва мусиқашунослар, барча ижрочиларнинг ижод билан самарали шуғулланишлари учун имконият ва шароитларни кенгайтириш;
мамлакатнинг маданий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ОАВ, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда мусиқа санъати соҳасида ижод қилаётган барча ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, мусиқий таълим-тарбия соҳасини такомиллаштириш, мумтоз ва замонавий мусиқа санъатини тарғиб қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш;
Маданият вазирлиги билан ижодий ҳамкорликни кучайтириш, турли ижодий танловлар ўтказиш, бастакорлар ижодини рағбатлантиришга қаратилган концертлар, фестиваллар, ижодий кечалар ва бошқа маданий-маърифий, оммавий тадбирларни ташкил этиш;
халқаро маданий ва мусиқий ҳамкорлик доирасини кенгайтириш, ёш композитор, бастакор ва мусиқашуносларни замон талаблари даражасида тайёрлаш, чет давлатлардаги таниқли композиторлар ва мусиқашунослар билан ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш;
Ўзбекистон давлат консерваториясида соҳа вакиллари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш;
низом талаблари асосида уюшма аъзолари сафини ёш истеъдодли композитор ва бастакорлар, мусиқашунослар билан тўлдириб бориш.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, уюшма аъзоси бўлган фаол композитор ва бастакорлар, мусиқашуносларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида арзон уй-жой ёки ер участкалари билан таъминлаш бўйича тегишли чораларни кўриши белгиланди.
Қарор ижросини назорат қилиш бош вазир А. Арипов ва Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси Х. Султонов зиммасига юкланди.
Изоҳ (0)