Президент Шавкат Мирзиёев «Миллий кинематографияни янада ривожлантиришчора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни «Ўзбекистон 24» телеканали сайтида келтирилди.
Ҳужжатда бугунги кун ўзбек киночилигининг айрим камчиликлари айтиб ўтилган:
«Қайд этиш керакки, кинематография соҳасида норматив-ҳуқуқий базанинг мукаммал эмаслиги, кино ишлаб чиқарадиган етакчи корхоналар, жумладан ‘Ўзбекфильм’, ‘Қорақалпоқфильм’ ҳамда ‘Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар’ киностудияларининг моддий-техник базаси жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскиргани, кинофильмларни молиялаштириш тизимининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, кинотеатрлар ва малакали кадрлар етишмаслиги соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмокда».
Қарор билан миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Унга кўра, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги учун давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмларининг қуйидаги прогноз кўрсаткичлари белгиланди:
2018 йилда — 20 та, 2020 йилдан бошлаб - 30 тадан тўлиқ метражли бадиий фильмлар ишлаб чиқариш;
2018 йилда — 40 қисмдан иборат 20 та, 2019 йилда
- 50 қисмдан иборат 25 та ва 2020 йилдан бошлаб — 60 қисмдан иборат 30 та ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув-услубий фильмлар, киносолномалар, киножурналлар ишлаб чиқариш;
мультипликацион фильмларни 2018 йилда 15 та, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 50 тадан ишлаб чиқариш;
ёш кино ижодкорларнинг 10 соатдан иборат қисқа метражли фильмлари, болалар учун юмористик киножурналлар суратга олиш;
давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмларни жаҳон бозорига чиқариш ва фестивалларда намойиш этиш учун чет тилларга субтитрлаштириш ва дубляж қилиш;
миллий кинематографиянинг энг сара асарларини тиклаш, реставрация қилиш ва замонавий форматга ўтказиш.
Миллий кинематография санъатини замон талаблари асосида ривожлантириш, ёш кино ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ўзбеккино» ҳузурида Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ва «Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ» Давлат унитар корхонаси 2018 йил 1 январгача «Ўзбеккино» техник топшириғи ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳар томонлама ўрганиш асосида комплексларнинг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиши, унинг майдонларида замонавий кинозалларни, савдо-кўнгилочар объектларни жойлаштиришни назарда тутиши белгиланди.
Изоҳ (0)