Компания хабарига кўра, битим Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев, Абдулла Арипов ва Чехия бош вазири Андрей Бабиш иштирокида имзоланган. Лойиҳа қиймати 120 миллион еврони ташкил этади.
Skoda Group бош директори Петр Новотнийнинг айтишича, лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати, “Ўзбекистон темир йўллари” ва компания ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик натижасидир. Унга кўра, компания Ўзбекистонга замонавий технологияларни олиб киради ва самарали транспорт учун замонавий ечимлар таклиф қилади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Битим доирасида Ўзбекистонга Латвия ва Эстонияда синовдан ўтган платформалар асосида ишлаб чиқилган 1520 миллиметрли изга мос 10 та ҳудудий электропоезд етказиб берилади. Компания ушбу поездлар юқори ишончлилик, қулайлик ва энергия самарадорлигига эга бўлишини таъкидлаган.
Лойиҳа доирасида сервис, техник хизмат ва маҳаллийлаштириш учун қўшма корхона ташкил этилади. Шунингдек, Skoda Academy очилиб, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ҳамда келажакда поездларга мустақил хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Компания ушбу лойиҳа Европа Иттифоқининг Global Gateway стратегияси доирасидаги флагман ташаббуслардан бири эканини билдирган. Унда Чехия ҳукумати, Еврокомиссия, Европарламент, Европа инвестиция банки ва EGAP иштирок этаётгани қайд этилган.
Андрей Бабиш Skoda компанияси томонидан Ўзбекистонга 10 та поезд етказиб бериш бўйича шартнома имзоланганини ҳам алоҳида олқишлаганди. У, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодий салоҳияти ва имкониятларини юқори баҳолаб, мамлакатга аввалроқ келмаганидан афсусда эканини билдирган.