Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 август куни мамлакатнинг ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда тўй-маъракалардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик ҳолатларини танқид қилди.

Фото: UZ24

Президентнинг йиғилишдаги нутқи ЎзА томонидан эълон қилинган.

Жойларда бўлаётган учрашув ва мулоқотларда кўп-кўп одамлар менга айтаяпти, Виртуал қабулхонага ёзяпти, «Тўй-маъракаларимизни бир тартибга солиб беринглар», деб мурожаат қиляпти. Ҳақиқатан ҳам, айни шу масала неча йиллар, ҳатто асрлардан бери кун тартибидан тушмасдан келади. Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз.

Мана, ўзинглар кўряпсизлар, соппа-соғ юрган айрим одамлар 50 га кирмасдан туриб тўсатдан инсульт бўляпти, инфаркт бўляпти. Сабабини суриштирсангиз, бошқалардан қолмасликка тиришиб, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Ҳали қарзидан қутулмасдан, яна тўй қилиши керак. Очиғини айтадиган бўлсак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки, бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугун ҳаётимизда кўпайиб бораётган оилавий можаролар, уруш-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасидаги совуқчилик сабаблари ҳам аксарият ҳолларда худди шу нарсага бориб тақалади.

Энг ёмони, айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича мусобақа ўйнаб, турли-туман янги одатларни ўйлаб топяпти. Буларни эшитиб, баъзан одам ҳайратдан ёқасини ушлаб қолади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Президент ўз нутқида Тошкент шаҳридаги тўйларда пайдо бўлган «келин-навкар» одатини алоҳида танқид қилиб, «ёшлар бундай бемаза қилиқларни кимдан ўрганяпти?», деб савол қўйган.

Мана, Тошкентдаги тўйларда «келин-навкар» деган яна бир бало чиқибди. Нима эмиш, энди келиннинг ота-онаси қизига қўшиб унинг ўнлаб дугоналарини ҳам бир хил кийинтириши, ясантириши керак экан. Бундай бемаза қилиқлар қаердан чиқяпти? Ёшларимиз кимдан ўрганяпти буни?

Яқинда ўтган «Камолот» қурултойида мен ёшларнинг оғзини пойладим. Бирорта йигит ёки қиз чиқиб, «Эй, дўстлар, тенгдошлар, биз уйланамиз, турмушга чиқамиз деб ота-оналаримизни ниҳоятда қийнаб қўйдик. Келинглар энди, уларни бундай оғир ташвишга қўймайлик, келажагимизни, миллатимизнинг шаънини ўйлаб, тўйларимизни камтарона, ихчам қилиб ўтказайлик», деган гапларни айтармикан, деб кутдим. Афсуски, улардан бу масалада ҳеч қандай фикр эшитмадим.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

Президент Шавкат Мирзиёев оилавий маросимларни тартибга солиш, уларни ихчам, исрофгарчилик ва дабдабага йўл қўймасдан ўтказиш бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда Президент қарори лойиҳасини тайёрлаш вазифасини бош вазир Абдулла Арипов, бош вазир ўринбосари Танзила Норбоевага топширди.