БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. Мактуб матни «Ўзбекистон 24» телеканали сайтида келтирилди.
Унда халқаро ташкилот раҳбари Ўзбекистон етакчисига унинг ташрифи чоғида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик изҳор этди.
Шунингдек, Гутерриш 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича дастур унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
«Мазкур ҳужжат БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари ва 2030 йилгача барқарор ривожланиш дастури билан ҳамоҳанг бўлиб, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун асос сифатида хизмат қилиши мумкин», — дейилади мактубда.
Шунингдек, Гутерриш Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлашини айтиб ўтди.
«Марказий Осиёга ташрифимнинг асосий мақсадларидан бири бўлган Нукус ва Мўйноққа боришимга кўмаклашганингиз учун алоҳида ташаккур билдираман. Орол денгизи тезлик билан қуриб бораётгани мени қаттиқ ташвишга солди ва бу ҳалокатдан азият чекаётган аҳоли билан учрашувдан ғоят таъсирландим», — деди БМТ бош котиби.
«Ўзбекистон Республикаси БМТ билан ишончли ҳамкорлик қилаётгани учун ташаккур билдираман ва Ўзбекистон халқининг манфаати йўлида ҳамкорлигимизни давом эттиришимизни сабрсизлик билан кутаман», — деб фикрига якун ясади Гутерриш.
Изоҳ (0)