Фаолиятининг асосий қисмини Украинада ўтказган ўзбекистонлик футболчи Максим Шацких чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлиб келаётганди. «ISport» нашрининг Украина Премьер-лигасига асосланиб хабар беришича, Максим яққол пешқадамлик мавқесидан туширилган.
1999 йил Шацких «Динамо»нинг «Прикарпате» клубига қарши ўйинида гол уришга муваффақ бўлган. Беллашув киевлик футболчиларнинг 6:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етган.
Орадан 18 йил ўтиб, Шацких номига ёзилган гол аслида автогол экани ойдинлашди. Видеотакрорларга мурожаат қилган Украина Премьер-лигаси эндиликда Максимнинг умумий голлари 124 тани эмас, 123 тани ташкил қилаётгани ҳақида айтиб ўтди.
Украиналик Сергей Ребров ҳам чемпионатда 123 та гол уришга муваффақ бўлган. Янги қарордан кейин «Шахтёр», «Динамо» каби клублар шарафини ҳимоя қилган Ребров пешқадамликда Шацких билан қўшҳокимликни юзага келтирган.
Айни вақтда Сергей Ребров Саудиянинг «Ал-Аҳли» клуби бош мураббийи сифатида фаолият олиб бормоқда. Максим Шацких эса Киевнинг «Динамо» клуби ёшларига мураббийлик қилади.
Изоҳ (0)