Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан айрим озиқ-овқат ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш мақсадида танлов ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» таҳририятига юборилган хабарномада айтилди.
«Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланган тартибда республиканинг барча ҳудудларида жойлашган Мудофаа вазирлиги савдо бошқармаси савдо нуқталари орқали сотиш мақсадида айрим озиқ-овқат ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини (колбаса ва гўшт, консерва маҳсулотлари, салқин ичимликлар, қандолат маҳсулотлари, шахсий гигиена воситалари ва бошқалар) сотиб олиш мақсадида танлов ишлари амалга оширилмоқда», — дейилади эълонда.
Шу муносабат вазирлик билан барча юқорида кўрсатилган маҳсулотларни етказиб бериш имкониятига эга корхона ва ташкилотларини юқорида кўрсатилган танловда иштирок этишга таклиф этади.
Танлов жараёнида республика ҳудудидаги ишлаб чиқарувчиларга айрим қўшимча имтиёзлар тақдим қилинади, жумладан, харид қилиш ҳуқуқи танловсиз амалга оширилиши мумкин.
«Ўтказилаётган тадбирнинг нақадар муҳимлигини инобатга олган ҳолда, ҳамда Мудофаа вазирлиги ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида 2017 йил 27 июль куни Мудофаа вазирлиги Маънавият ва тарғибот марказида (олдинги Авиасозлар саройи) тадбиркорлар ва юқоридаги маҳсулотларни етказиш имконияти бор корхона раҳбарларини қатнашиш жараёни бўйича ўтказиладиган семинарга таклиф қилади», — таъкидланади хабарномада.
Тижорат таклифлари қуйидаги манзилда қабул қилинади: Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек кўчаси, 100 уй, рухсатномалар бюроси, факс 262-82-28, электрон манзил: mudofaa@umail.uz.
Изоҳ (0)