The New York Times АҚШ президентининг ўғли Дональд Трамп-кичкина россиялик адвокат Наталья Веселницкая билан учрашганлиги ҳақидаги мақолани чоп этди. Унда таъкидланишича, (буни Трамп-кичкина ҳам тан олган) Веселницкая Ҳиллари Клинтонга қарши аллақандай компроматни муҳокама қилишни таклиф қилган. Нашр манбаларининг таъкидлашича, Трамп штабининг собиқ раҳбари Пол Манафорт ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер ҳам иштирок этган учрашувни пиарчи Роб Голдстоун ташкил қилган. У қўшиқчи Эмин Агаларов билан ишлайди. NYT таъкидлашича, Трамп-кичкина компромат манбаси Кремль эканлигидан хабардор бўлган. Meduza The New York Times суриштирувининг муҳим лаҳзалари ҳақида ҳикоя қилади.
Дональд Трамп-кичкина россиялик адвокат Наталья Веселницкая билан 2016 йилнинг 9 июнь куни учрашган.
Учрашув Нью-Йоркда бўлиб ўтган, унда Трампнинг ўғлидан ташқари миллиардернинг сайловолди кампанияси раҳбари Пол Манафорт, шунингдек, унинг куёви Жаред Кушнер ҳам қатнашган. The New York Times’нинг таъкидлашича, Донлад Трампнинг ўзи учрашувдан бехабар бўлган. Дональд-кичкина газетага ушрашув бўлиб ўтганлигини тасдиқлаб, учрашувдан аввал унга россиялик бир адвокат Ҳиллари Клинтонга зарар етказиши мумкин бўлган маълумотга эга эканлиги маълум қилинганлигини билдирди. Трамп ўғлининг сўзларига қараганда, аслида Веселницкая обрўсизлантирувчи ҳеч қандай материалга эга бўлмаган.
Учрашувдан икки ҳафта муқаддам Трамп Республикачилар партиясидан ягона номзодга айланди. Бу пайтда Америка махсус хизматлари Кремлни алоқадор деб ҳисоблаган Демократик партия раҳбарияти ёзишмаларининг бузиб очилганлиги ҳақида ҳали маълум эмас эди.
Учрашув қўшиқчи Эмин Агаларовнинг илтимоси билан ташкил этилган.
Наталья Веселницкая Ҳиллари Клинтонга тааллуқли муҳим маълумотга эга эканлиги ҳақида Дональд Трамп-кичкинага британиялик пиарчи Роб Голдстоун маълум қилади. У Crocus Group эгаси Арас Агаларовнинг ўғли қўшиқчи Эмин Агаларов билан ишлайди. Арас Агаларов Трамплар оиласи билан таниш: у АҚШнинг бўлажак президенти билан 2013 йилда Москвада «Дунё гўзали» танловини ташкил қилган, Трамп-кичкина билан эса қурилиш билан шуғулланишни режалаштирган, бироқ шартнома тузилмаган. Голдстоуннинг маълум қилишича, Эмин Агаларов Веселницкаяга ёрдам бериш истагида (улар қандай муносабатда эканлиги номаълум) уни Трамп-кичкина билан учраштиришни сўраган.
Учрашув иштирокчилари ҳеч қандай компромат бўлмаганлигини таъкидламоқда.
Дональд Трамп кичкина ҳам, Роб Голдстоун ҳам Веселницкая дастлаб демократлар сайловолди кампанияси учун ноқонуний хайр-эҳсонларини муҳокама қилганлиги, бироқ ҳеч қандай далил келтирмаганлигини маълум қилади. Голдстоуннинг сўзларига қараганда, у бўлмағур гапларни гапирган, кейинроқ эса «Магницкий рўйхати» ҳақидаги суҳбатга ўтган. Веселницкая гап умуман Клинтонга қарши компромат ҳақида бормаганлигини маълум қилди.
The New York Times учрашув мазмуни аслида умуман бошқача бўлганлигини тахмин қилди.
Газетанинг бир-йўла бир неча манбаси маълумотларига кўра, Голдстоун Дональд Трампга юборган мактубда россиялик адвокат Клинтонга қарши аллақандай компроматни тақдим этишга тайёр эканлиги тўғридан-тўғри маълум қилинган. У гўёки миллиардерга сайловларда ғолиб бўлишга ёрдам бериш учун Россия ҳукумати буюртмаси билан қўлга киритилган. Газета мазкур ҳужжатлар учрашув якунда Трампларга тақдим этилган-этилмаганлигини аниқлай олмади.
Изоҳ (0)