Ўзбекистон Президенти «Туризм соҳасини ривожлантиришда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг масъулиятини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни Президентнинг расмий сайтида келтирилди.
Ҳужжатдан кўзда тутилган мақсад — ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини дунёга кенг тарғиб қилиш, мамлакатга ташриф буюриши кутилаётган сайёҳларга қулай шароитлар яратиш, соҳадаги мавжуд муаммоларни тизимли асосда бартараф этиш, ушбу вазифаларни амалга оширишда жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини ошириш ҳамда туризм соҳасини янада ривожлантириш.
Шу мақсадда, қарорга кўра, Иқтисодиёт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари ҳамда Молия вазирлигининг Хоразм, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилояти ҳокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари жорий этилди ва уларнинг котибиятлари ташкил қилинди.
Вилоятлар ҳокимларининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарларининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
ҳудудда туризм соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, соҳа бўйича қабул қилинган концепция ва дастурларнинг ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни белгилаш;
чет эл мамлакатлари билан туризм соҳасида, айниқса, туристлар оқимини кўпайтириш ҳамда уларни жалб қилиш бўйича ҳамкорлик ва келишувларни ваколатли органлар билан биргаликда амалга ошириш;
соҳани чуқур таҳлил қилиш асосида туристик хизматларга бўлган талабни ўрганиш, бу борадаги мавжуд муаммолар ва тўсиқларни аниқлаш, соҳани ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришнинг мақсадга мувофиқ моделларини ишлаб чиқиш ва келгуси режаларни белгилаш;
туризм соҳасининг иқтисодий, экологик, ижтимоий, маданий ва бошқа йўналишлардаги инфратузилмасини такомиллаштириш ва туризм йўналишидаги диққатга сазовор жойлар, уларни яхшилаш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш ҳамда амалга ошириш;
қўшимча туризм маршрутларини ишлаб чиқиш, чет эл ёшларини кенг жалб этиш мақсадида кўнгилочар комплекслар барпо этиш, маданий мерос объектларида ўзбек халқи тарихи, турмуш тарзи, урф-одатлари, анъаналарини ўзида акс эттирган экспозицияларни ташкил этиш;
туризм соҳасида туризмни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мувофиқлаштириш;
туризмни ривожлантириш масалалари бўйича масъул вазирлик, идора ва қўмиталарнинг ҳудудий бошқармалари иш фаолиятини мувофиқлаштириш;
туризм соҳасига замонавий ахборот-коммуникация воситаларини жалб этиш, хорижий туроператорлар ва ОАВ билан ҳамкорлик қилиш орқали республиканинг мавжуд сайёҳлик салоҳиятини кенг ёритиш чораларини кўриш.
Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазири А. Н. Арипов ва Ўзбекистон Президентининг давлат маслаҳатчиси У. С. Исмаилов зиммасига юкланди.
Изоҳ (0)