АҚШда уйсизлар сони 2010 йилдан буён камайиб келаётганига қарамасдан, 550 мингга яқин киши доимий турар-жойга эга эмас. Катта шаҳарларда уйсизлар сони ҳам кўпроқ, шунга қарамасдан, уйсизлик барча ўлчамдаги шаҳарларнинг умумий муаммоси ҳисобланади, деб ёзади Forum Daily нашри.
2016 йил якунига кўра, уйсизларнинг энг кўп миқдори АҚШнинг ўнта шаҳрида қайд этилган.
- Филадельфия, Пенсильвания
Шаҳарда қашшоқлик даражаси 26 фоизни ташкил этади, бундан ташқари, турар-жойларнинг юқори қиймати ва паст маош уйсизлар сонининг ошишига таъсир кўрсатади.
- Лас-Вегас, Невада
Невадада шаҳардаги уйсизларнинг ярми руҳий хасталиклардан азият чекади, улардан кўпчилиги уйдаги зўравонлик қурбонига айланган.
- Бостон, Массачусетс
Бостонда 6240 уйсиздан 3755 нафари фарзандлари бор оилаларнинг аъзоларидир. Бостонда нисбатан кам одам кўчаларда тунайди, чунки Массачусетсда аксарият уйсизлар бошпанага бўлган қонуний ҳуқуққа эга.
- Сан-Хосе ва Санта-Клара, Калифорния
Бу шаҳардаги уйсизларнинг баъзилари тўлиқ иш куни ишласа-да, мамлакатнинг энг қиммат шаҳарларидан бирида турар-жой ижарага олиш имконига эга эмаслигини маълум қилган.
Сан-Хосе ва унинг атрофидаги уйсизларнинг катта қисми кўчаларда ёки автомобилларда яшайди.
- Сан-Франциско, Калифорния
Расмий маълумотларга кўра, Сан-Францискода уйсизлар сони 7 минг кишидан камроқ, бироқ ҳақиқатда уларнинг сони бундан кўп бўлиши мумкин. Маҳаллий ҳокимият ва нотижорат гуруҳларнинг баҳо беришича, шаҳарда уйсизларнинг реал сони ўн мингдан 12 минггачадир. Шаҳарда фақат 1300 ўринлик бошпана бор, бу эса аксарият уйсизлар кўчада тунашга мажбур эканлигини англатади.
- Колумбия округи
Вашингтон, Колумбия округида уйсизлар сони 2009 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда 34 фоизга ошди. Шаҳардаги ҳар 100 минг аҳолидан 124 нафари доимий турар-жойга эга эмас.
- Сан-Диего, Калифорния
Ҳаммабоп турар-жойнинг мавжуд эмаслиги Сан-Диегодаги уйсизлик инқирозининг асосий таркибий қисми ҳисобланади.
- Сиэтл, Вашингтон
Ижара ҳақининг ошиши ва ҳаммабоп турар-жой бўйича давлат дастурларининг қисқариши Сиэтлдаги уйсизлар сонининг ошишига сабаб бўлмоқда.
- Лос-Анжелес, Калифорния
Лос-Анжелесдаги уйсизларнинг 75 фоизи кўчаларда, автомобилларида ёки бошқа вақтинчалик бошпаналарда яшайди. Шаҳарда турар-жой қийматининг жуда юқори эканлиги уйсизлик инқирозининг асосий сабабларидан биридир.
- Нью-Йорк
АҚШдаги уйсизларнинг 13 фоизи Нью-Йоркда яшайди. Шаҳарда уйсизлар сони кўп бўлишига қарамасдан, улардан фақат 4 фоизга яқини кўчада яшайди. Нью-Йоркда уйсизлар юридик жиҳатдан бошпана ҳуқуқига эга, бироқ бошпаналарда жой етишмаслиги сабабли шаҳар уйсизларни меҳмонхоналарга жойлаштириш учун ҳар йили миллионлаб доллар сарфлайди.
Изоҳ (0)