Insider Prо нашри электроника ишлаб чиқариш заводи атрофида етти йил мобайнида бутун бир шаҳар пайдо бўлганлиги ҳақида ҳикоя қилади.
Фермер Чжан Хайлин маккажўхори ва буғдой далалари устида вертолётлар пайдо бўлган 2010 йилнинг ўша кунини яхши эслайди. Машиналар маълум бир жойларга улкан шарлар — ер ишлари учун кўрсаткичларни ташлар эди. «Уч кун ўтиб бу ерга юзлаб бульдозерлар етиб келди», — дейди у.
Бу Хитойга iPhone’нинг кириб келиши эди. Тез орада Чжэнчжоуда янги саноат шаҳри пайдо бўлди, маҳаллий аҳоли унга iPhone-сити деб ном берди.
Бор-йўғи бир неча ой ичида ишчилар завод корпусларининг коробларини барпо этди, электр узатиш симларини тортиб келди ва Apple’нинг деярли барча смартфонларини терувчи Foxconn Technology Group фабрикаси дарвозаларига ишчилар билан тўла автобуслар кела бошлади.
Бир йил ўтиб Foxconn раҳбари миллиардер Терри Гоу завод мажмуасида 100 минг ишчи меҳнат қилаётганини маълум қилди. Бугунги кунга келиб Foxconn фабрикасида 250 мингга яқин одам ишлайди.
Таҳлилчиларнинг баҳолашича, расман Hon Hai Precision Industry Co. номи билан машҳур Foxconn ҳар йили 150 миллион iPhone, шунингдек, 20 миллион iPad ва бошқа электрон қурилмаларни йиғади. Foxconn’нинг таъкидлашича, компанияда бутун Хитой бўйлаб ва бошқа ҳудудлар, жумладан жанубий Шэньчжэнни ҳисобга олганда бир миллион киши ишлайди. Компания Шэньчжэнда тўлиқ махфийлик шарти билан биринчи iPhone ишлаб чиқаришни бошлаган эди.
Пекин ҳудудда юқори технология ишлаб чиқарилиши тараққиётини қўллаб-қувватлади. Хитой етакчилари уларнинг фабрикалари пластик ўйинчоқ ва кийим-кечак тайёрлашдан даромадлироқ бирор фаолият билан шуғулланишини истар эди.
Ўзгаришлар миллионлаб хитойликнинг ҳаётига таъсир кўрсатди — уларнинг кўпчилиги ва ниёҳат муносиб ишга эга бўлди, бироқ баъзи бир хитойликлар бир хил ишдан, қатъий қоидалар ва яшаш шароитларидан шикоят қилди.
iPhone’нинг глобал муваффақияти Apple етказиб берувчилари устидан назоратни кучайтиришига олиб келди. Компания Foxconn ва бошқа пудратчилар соҳанинг энг талабчан меъёрларига риоя этишини диққат билан кузатиб боришини маълум қилди. Apple 12 миллион ишчи учун уларнинг ҳуқуқлари ҳақида йўриқнома ўтказди, иш ҳафтасини 48 соат билан чеклади ва мунтазам равишда тренинг ва малака ошириш курсларини ўтказиб келади.
«Биз етказиб берувчиларимиз ўзимиз амал қиладиган меъёрларга риоя этишини кузатиб борамиз: улар барча нарсага ҳурмат билан ёндашиши лозим», — дейди компания.
Apple охирги беш йил ичида етказиб берувчиларининг иш ҳақи ва меҳнат шароитлари сезиларли даражада яхшиланганлигини таъкидлайди.
Чжэнчжоуда асосан Foxconn собиқ ходимлари томонидан очилган савдо марказлари, ресторанлар ва караокелар қад ростлади. Давлат статистикаси 94 миллион аҳолига эга бўлган қашшоқ Хенан провинцияси экспорти бир неча баробар ошганлигини кўрсатди.
Хитойлик мансабдорлар iPhone’ни қучоқ очиб кутиб олди: компартия етакчилари Чжэнчжоу округини махсус савдо зонаси деб эълон қилди, провинция эса барча ресурсларини iPhone-сити қурилиши учун йўналтирди.
Apple жорий кузда iPhone’нинг янги моделини чиқариши лозим ва Foxconn рекрутерлари аллақачон қишлоқлар бўйлаб юриб, ишчи кучини қидиришни бошлаб юборди.
Foxconn ишчилари сокин ойларда 1 900 юандан 4 000 юангача, ишлаб чиқариш ошганда эса ундан ҳам кўпроқ маош олади. Бу унчалик кўп эмас, бироқ улар қишлоқда олиши мумкин бўлган даромаддан анча юқори. Аксарият ишчилар ўзи учун iPhone харид қилишни эп кўрмайди ва Хитойнинг арзонроқ смартфонларини сотиб олади.
Чжэнчжоуда Foxconn ёки Apple яна қанча вақт давомида iPhone-ситига зарурат сезиши юзасидан хавотирланиш ҳисси мавжуд. Ўтган йили iPhone сотув ҳажми илк бор пасайди ва Давлат кенгаши вазири Ли Кэцян жорий йилда смартфонлар ишлаб чиқариш камайиб кетиш-кетмаслиги билан шахсан қизиқди.
Foxconn Чжэнчжоуда фойдаланаётган биноларнинг 80 фоизини харид қилганлиги, қолган қисмини ҳам ижарага олиши ва шаҳар ривожланиши учун инвестиция киритишда давом этишини маълум қилди.
«Foxconn юз минглаб маҳаллий ишчини ўқитишга ёрдам берди. Энди улар ушбу кўникмаларидан бошқа иш ўринларига ўтиш учун фойдаланиши мумкин », — дейди Хэнань провинцияси иқтисодиёт профессори Ши Пу.