Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев «Жаҳон» ахборот агентлигининг мухбири билан Москвада учрашиб Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини ёдга олди.
Мен Ўзбекистонда туғилганман ва ўз Ватанимни севаман. У ерда менинг ёшлигим, мактаб даврларим ўтган. 2000 йилда мени Россия ташқи разведкасининг директори этиб тайинлашганида биринчи сафарим, албатта, Тошкентга бўлган.Ташриф чоғида мен Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан кутиб олиниш бахтига мушарраф бўлдим. Президент жуда илиқ кутиб олгани мени ҳайратлантирди. Мамлакат раҳбари менинг болалигим ўтган Жиззах ҳақида қизиқиш билан саволлар берди. Мен эса юрагимдаги улкан ғурур билан паспортимдаги «туғилган жойи» деган бандга «Самарқанд вилояти» деб ёзилганини маълум қилдим (1948 йилда Жиззах Самарқанд вилояти таркибида бўлган).
Кейинчалик Ислом Каримов Ўзбекистонга бўлган муҳаббатимни сақлаб қолганим учун мени қадрлашини кўп бора айтган эди.
Ушбу таниқли сиёсатчи билан МДҲ, ШҲТ саммитларида йилига 2—3 марта кўришишга муваффақ бўлардим. Таъкидлашим керакки, ҳар бир учрашув ёдимда қолган. Ислом Каримовнинг илиқ, дўстона муносабатини доим сезиб турганман. Уни катта ҳурмат билан эслайман ва менинг номимга йўллаган самимий сўзлари ҳамда тилаклари учун миннатдорман.
2016 йил 24 июнь куни ШҲТнинг Тошкентдаги саммити доирасида бўлиб ўтган учрашув хотирамда ўчмас из қолдирган. Тадбир давомида ШҲТга аъзо давлатларнинг етакчилари учун ажойиб концерт ташкиллаштирилган эди. Мен Президентдан етти метр нарида ўтирар эдим. Концертнинг ўртасида «Лазги» анъанавий куйи янграганида у ўрнидан турди-да рақсга туша бошлади. Унинг кўзларидаги қувончни мамнуният билан томоша қилиш мумкин эди.
Ислом Каримов ўз эътиқоди ва ҳаркатларида қатъий эди. У халқаро майдонда, аввало МДҲда тан олинган раҳбар эди. Мамлакат раҳбарлари кичик доирада йиғилишлар ўтказганида, у «оқсоқол» вазифасини бажарарди.
Мен Ислом Каримовнинг сўзларини, маслаҳатларини ва илиқ муносабатларини тез-тез ёдга олиб тураман. Ўйлайманки, у билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган минглаб одамларда ҳам шу каби хотиралар мавжуд.
Ислом Каримовнинг хотираси абадийдир!
Сергей Лебедев, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиб
Изоҳ (0)