Буюк Британиянинг SAS махсус кучлар бўлинмаси ходимлари Афғонистонда қуролсиз аҳолини 2010—2013 йилларда ўлдириб келганлигини яширган. Бу ҳақда ҳарбий полициядаги манбаларга таяниб, The Times маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Газетага кўра, SAS’нинг камида битта отряди «Толибон» гуруҳи билан алоқаларда гумон қилинган тинч аҳоли уйларига тунги рейдлар давомида уларни қўлга олиш ўрнига совуққонлик билан ўлдирган.
Британия махсус бўлинмаси ходимлари ўз ҳисоботларида қўшма операциялар давомида отишмаларга асосан Афғонистон махсус хизматлари қўл урганини кўрсатган. Бироқ айрим қурбонлар жасадларида Британия армиясида қўлланадиган патронлар ўқи топилган.
2014 йилда бошланган ва Nortmoore деган кодли ном олган текширув Британия махсус хизматлари томонидан 2010 йилдан 2013 йилгача амалга оширган 675 та ноқонуний ҳаракатни ўз ичига олади.
Буюк Британия мудофаа вазирлиги мазкур ҳолатларнинг 90 фоиздан ошиғини текшириш тўхтатилгани ва ҳозирда 10 тадан камроқ ҳолат ўрганилаётганини таъкидлади. Тергов 2021 йилгача давом этиши лозим эди, бироқ вазирлик уларнинг асосий қисми бўйича шу йил ёзида хулоса беришни талаб қилди.
Изоҳ (0)