Америкалик ҳажвий актёр Ганнибал Бёресс янги «Ўргимчак одам: Уйга қайтиш» кинофильми премьерасига ўз қиёфадошини юборди. Қиёфадош ўзини айни ўша актёр деб таништирди, деб хабар беради «ТАСС».
Айтилишича, Бёресс уни ижтимоий тармоқлар орқали топган. Фильмда мураббий Уилсон ролини ўйнаган актёр Twitter’да кечки тадбир учун ўзига ўхшаш одам кераклигини маълум қилган эди. У хизмат учун 500 доллар таклиф қилиб, номзодлардан суратларини юборишни сўраган эди. Ҳозир бу ёзувлар ўчирилган.
Ўзини Бёресс деб таништирган одам премьерага кирди ва ҳатто актёрнинг янги «Ўргимчак одам»даги образи ҳақидаги гапириб берди. Ёлғон фош бўлиб қолганига қарамай, Бёресс Twitter’да тадбир трансляциясидан олинган скриншотни эълон қилди ва унга «Мен ‘Ўргимчак одам: Уйга қайтиш’ фильми премьерасидаман» деган изоҳ қолдирди.
Изоҳ (0)