Россия мезбонлигида давом этаётган футбол бўйича Конфедерациялар кубогида бугун ярим финалнинг биринчи учрашуви бўлиб ўтади.
Унинг доирасида Европанинг амалдаги чемпиони Португалия Cопа Америcа ғолиби ҳисобланган Чилига қарши саф тортади. Беллашув Тошкент вақти билан 23:00 да старт олади ва «Спорт» телеканали орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинади.
Мазкур учрашувда ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов видеотакрорлар борасида бош ҳакамга кўмак беради. Ўйинни эронлик Алиризо Фағоний бошқариб боради.
Португалия терма жамоаси «А» гуруҳини 7 очко билан пешқадам сифатида якунлаганди. Фернанду Сантуш шогирдлари Россияни 1:0 ва Янги Зеландияни 4:0 ҳисобида таслим қилган бўлса, турнирни Мексикага қарши дуранг билан бошлаганди — 2:2.
«B» гуруҳида иштирок этган Чили термаси эса 5 очко тўплади ва Португалия каби мағлубият нималигини билмади. Хуан Антонио Пицци бошчилик қилаётган жамоа илк турда Камерун устидан 2:0 ҳисобида зафар қучган бўлса, кейинроқ Германия ва Австралия термалари бир бир хилда — 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Конфедерациялар кубогида ярим финалнинг иккинчи ўйини эртага — 29 июнь куни 23:00 да бошланади. Унда Германия термаси Мексикага қарши кураш олиб боради.
Изоҳ (0)