Туркия ташқи ишлар вазирлиги Грециянинг Истанбулдаги Аё София музейида Қуръон ўқилиши борасидаги эътирозига жавоб берди. Бу ҳақда, Hurriyet газетасига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Илгарироқ Греция ташқи ишлар вазирлиги Аё Софияда Қуръон ўқилиши ва ибодат қилинишини қоралаб чиққан эди.
«Биз Туркия дин ишлари идораси бошлиғи иштирокида Аё Софияда Қуръон ўқилиши ва ибодат қилинишини қоралаймиз. Бу Туркия давлат телевидениеси орқали трансляция қилинди», — деб баёнот берган эди Греция томони.
«Греция ТИВ Туркия халқини муқаддас Рамазон ойида ва Лайлат ул-қадр кечасида табриклаш ўрнига Аё Софияда Қуръон ўқилиши ва ибодат қилинишини терс талқин қилишни маъқул кўрди», — дейилади Туркия ТИВ баёнотида.
Туркия, шунингдек, Греция расмийлари Рамазон ойида мамлакат мусулмонларига Салоникидаги тарихий масжидларда намоз ўқишга рухсат бермаганини эслатиб ўтди.
«Шу тариқа, пойтахтида ибодат учун очиқ бирорта масжид бўлмаган Греция ўз баёнотида ‘динлараро мулоқот’ деганда нимани назарда тутгани номаълумлигича қолмоқда», — хулоса қилди Туркия вакиллари.
Аё София Византия империяси даврида қурилган бўлиб, дастлаб христиан собори вазифасини бажарган. 1453 йили Истанбул Усмонлилар қўлига ўтгач, у масжидга айлантирилган, 1935 йилдан эса музей ҳисобланади. 1985 йили Аё София ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Изоҳ (0)