20 июнь куни Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида сайёр қабул ўтказилди. Унда суд, прокуратура, ички ишлар, адлия, солиқ ва божхона масалалари бўйича фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатлари бевосита муҳокама қилинди, деб хабар беради ЎзА.
Сайёр қабулда Президентнинг давлат маслаҳатчиси Т. Худойберганов, Олий суд раиси К. Комилов, Бош прокурор И. Абдуллаев, ички ишлар вазири А. Азизов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. Парпиев, Давлат божхона қўмитаси раиси М. Тоҳирий, адлия вазири М. Икромов фуқаролар ва тадбиркорларнинг мурожаатларини тинглаб, уларга ечим излади.
Қабул чоғида ветеринар врач Отабек Йўлдошевнинг шикояти тингланди. Унинг раҳбарлигидаги Deep Forest Animals МЧЖ шу йил 3 апрелда иш бошлаган. Бу ерда ветеринария клиникаси, аптекаси ва дўкони бор. Айтилишича, тадбиркорлик фаолиятини энди йўлга қўйгани боис бир ўзи ишлайди: директор ҳам, ветеринар ҳам, сотувчи ҳам, кассир ҳам ўзи. Шу йил 5 май куни бир мижоз ветеринария дорисига 7 минг сўм тўлаётган пайтда кўнгилсизлик юз берди — сал аввал операция қилинган мушуклардан бири қафасдан бўшаб, наригисига ташланди. О. Йўлдошев уларни ажратишга шошилди ва дори олган мижозга назорат-касса машинасининг тўлов чекини ўз вақтида бера олмади. Шу воқеа устига давлат солиқ идораси ходимлари текширувга келиб қолди.
«Мушукларни тинчлантириб, 7 минг сўмни назорат-касса машинасига кирим қилдим, бироқ солиқ идораси вакилларига буни тушунтира олмадим, — деди О. Йўлдошев. — Бундай текширувга илк марта дуч келганим учун қўрқиб қолгандим: тушунтириш хати ёзиб бериб, барча ҳужжатга қўл қўйдим. Бироқ шу йил 31 май куни Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекциясидан 5 миллион сўмдан ортиқ жарима қоғози келгач, яна шокка тушиб қолдим. Энди иш бошлаганман, бунча пулни тўлай олмайман. Судга берай десам, аксига олиб, клиникамиздаги кузатув камераси куйиб қолган, асл вазиятни исботлаб беришим қийин. Тўғри, айб мендан ўтган, мижозга ўз вақтида тўлов чекини бера олмадим, бироқ бунинг сабаби бор-ку. Бугунги сайёр қабулда мутасаддилар бу борадаги мурожаатимни ўрганиб, вазиятни қайта ўрганиб чиқишга ваъда берди».
Изоҳ (0)