Америкалик йўловчи American Airlines авиакомпанияси лайнери бортида унга ичимликлар ташиладиган аравача тегиб кетгани туфайли компаниядан 10 миллион доллар талаб қилди. Бу ҳақда «Comments.ua» хабар бермоқда.
Воқеа 2016 йил апрелида рўй берганди, аммо Чарлз Жонсон ва унинг рафиқаси Хельга фақатгина 2017 йил 15 июнда судга мурожаат қилди. Даъво аризаси матнида айтилишича, лайнер Коннектикутдаги Хартфорд шаҳридан учиб чиқаётган пайтда 136 килограммлик мустаҳкамланмаган аравача эркакка урилиб кетган.
Бунинг натижасида Жонсон бошидан жиддий жароҳат олган ва ҳушидан кетган. Авиакомпания ходимлари бундай вазиятда нима қилишни билмай турган вақтда шу рейсда учаётган ҳамшира унга ёрдам кўрсатган.
Жонсоннинг сўзларига қараганда, у олинган жароҳатлар оқибатида кейин ҳам азобланиб юрган. Бундан ташқари, ишлаш лаёқатини йўқотган. Унинг шахсий муносабатларида ҳам муаммолар юзага келган.
Америкалик жуфтлик авиакомпания ходимларини масъулиятсизликда айбламоқда.
American Airlines вакили даъво авиакомпания томонидан ўрганилаётганини билдирди.
Изоҳ (0)