ИШИД террорчилари сони 80 мингга яқин бўлиб, улардан 30 минг нафари 80 та мамлакатдан ёлланган кишилардир. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин америкалик режиссёр Оливер Стоуннинг фильмида маълум қилди. Фильмнинг учинчи қисми Showtime телеканалида намойиш этилди, деб ёзади «РИА Новости».
Путин чет эллик жангарилар орасида Россия фуқаролари ҳам борлигидан шикоят қилди.
У мазкур террорчилик ташкилотига қарши курашдаги прогрессга ва жангариларга қарши операцияларда Москванинг жиддий иштирокига урғу берди.
«Учувчиларимиз суткасига 70—120 та зарба берса, АҚШ бошчилигидаги бутун коалиция икки, уч, бештагача зарба бермоқда», — деди Путин.
«Жуда катта ҳудуд ҳамон ИШИД назорати остида. Бироқ анча ҳудуд озод этилди. Бу ҳудудлар аллақандай макон ёки чўлнинг бир қисми эмас, улар Сурия учун ҳаётий муҳим ҳудудлардир», — дея хулоса қилди давлат раҳбари.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)