13 июнь куни Шавкат Мирзиёев Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларни имзолади. Уларга кўра, одамни ўз жонига қасд қилишгача олиб келиш учун жазо қаттиқлаштирилди, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга ундаганлик учун санкциялар жорий этилди, деб хабар беради «Газета.uz».
Ўзгартишларга мувофиқ, ўз жонига қасд қилишга олиб келиш ёки таҳдид, қаттиққўл муносабат, шахс нафсониятига тегиш, унинг ғурурини топташ ва мунтазам ҳақорат қилиш йўли билан бунга қасд қилиш 3–7 йилга озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Айбдор олдида моддий ёки бошқа мажбуриятга эга шахсга нисбатан; вояга етмаган шахс ёки ҳомиладорлик аҳволидаги аёлга нисбатан; бир гуруҳ шахслар билан қасддан тил бириктириб; телекоммуникациялар тармоқлари, шунингдек, интернет тармоғи воситасида худди шу хатти-ҳаракатларнинг содир этилиши 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўз жонига қасд қилишга кўндириш, алдов ёки бошқа йўл билан ундаш, агар шахс ўз жонига қасд қилса ёки бунга ҳаракат қилса, 2–5 йилга озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган шахс ёки ҳомиладор аёлга нисбатан; бир гуруҳ шахслар билан қасддан тил бириктириб; телекоммуникациялар тармоқлари, шунингдек, интернет тармоғи воситасида худди шу хатти-ҳаракатларнинг содир этилиши 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)