Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликларининг йўловчи транспорти барча турларини лицензиялаш ва ҳаракатини мувофиқлаштириш департаментларини тугатиш таклиф этилмоқда. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг автомобиль транспорти соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарори лойиҳасида кўзда тутилган, дея хабар беради «Газета.uz».
Ҳужжатда бир-бирини такрорловчи жараёнлар, автотранспорт соҳасида ишловчи тадбиркорларга қўйилаётган чеклов ва тўсиқлар бозорнинг ривожланишига халақит бераётгани таъкидланган. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳамда юқоридаги икки департамент ўртасида йўловчиларни автомобилда ташиш учун лицензия бериш борасидаги номувофиқликлар қайд этилган.
Уларни бартараф этиш учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари департаментларини агентликнинг пойтахт ва вилоятдаги бошқармалари билан қўшиб юбориш таклиф этилмоқда.
Ушбу департаментлар томонидан берилган лицензиялар ва лицензия карточкаларини бепул қайта расмийлаштириб бериш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон шаҳарларидаги йўловчи транспортини бошқариш органлари ҳам бевосита агентлик олдида ҳисобдор бўлиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)