Республика қон қуйиш марказида 14 июнь — Халқаро донорлар куни муносабати билан тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Республика қон қуйиш маркази директори Р. Йўлдошев, Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институти директори А. Саидов ва бошқалар тадбирда иштирок этди.
Республика қон қуйиш марказидан олинган маълумотларга кўра, 2011 йили 93 минг, 2016 йили эса 120 минг одам қон донори бўлган.
«Қон беришга қарор қилган донор инсонларга нафи тегишини билиши лозим, — дейди яшнободлик Абдувосит Ғуломов. — Мен мана ўн беш йил ичида, марказ ходимларининг айтишича, 42 марта қон топширибман. Илк бор донорлик қилганимда шифокорлар қон гуруҳим ноёб ва кам учрашини, кўп беморлар бунга муҳтож эканлигини айтганди. Шундан сўнг инсонларга ёрдам беришни дилимга тугдим. Ҳар сафар мана шу эзгу ишга қўл урганимда руҳий ва жисмонан енгиллик сезаман. Бошқаларни ҳам ана шундай хайрли ишга чорлаб қоламан».
Тадбирда донорларга ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларига фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)