Литвада бугун, 12 июнь куни бошланган Gelezinis vilkas 2017 («Темир бўри - 2017») ўқув машғулотларида Шимолий Атлантика альянси тўққиз мамлакатидан беш мингдан ортиқ аскар ва офицер қатнашмоқда. Бу ҳақда Болтиқ республикаси мудофаа вазирлиги хабар берди, деб ёзади «ТАСС».
«Мамлакатнинг жанубий, марказий ва шарқий қисмларида 23 июнга қадар давом этадиган ўқув машғулотларига Бельгия, Буюк Британия, Германия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Польша, Португалия ва АҚШдан 5,3 минг ҳарбий хизматчи жалб этилган», — дейилади бошқарма хабарида.
Машғулотларнинг асосий вазифаси Литвага жойлаштирилган, Германия бошчилигидаги НАТО халқаро баталёнининг жанговар топшириқларни бажаришга шайлигини ишлаб чиқиш, шунингдек, миллий қуролли кучлар билан ҳамкорлигини мувофиқлаштиришдан иборат.
Бошқарма ўқув машғулотлари давомида ҳарбий техника нафақат полигон ҳудудида, балки фуқаролик ҳудудларида ҳам бўлишини маълум қилди.
Изоҳ (0)