БМТ бош котиби Антониу Гутерриш илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Twitter’даги саҳифасида хабар берди.
Бош котиб ўз ташрифини Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйишдан бошлади.
Шундан сўнг бош котиб бошчилигидаги БМТ делегацияси Ислом Каримов кўчаси орқали Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхонасида бўлди.
Гутерриш «Юксалиш» маҳалласининг фуқаролари билан учрашув ўтказди. Унга Ўзбекистондаги маҳалла институтларининг ижтимоий аҳамияти ҳақида сўзлаб беришди.
Шунингдек, БМТ бош котиби Ўзбекистон ҳукумати аъзолари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги вакиллари билан биргаликда Регистон майдонига ташриф буюрди.
Антониу Гутерришнинг кун тартибидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш, шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистонга бориб, Оролбўйи минтақасини кўриш режалаштирилган.
Изоҳ (0)