Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг бир гуруҳи Жиззах вилояти Зафаробод туманида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши билан танишиб, аҳоли билан мулоқотлар ўтказди. Ўрганишлар натижаси халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари туман маҳалла ва қишлоқларида, хонадонларда бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз мулоқот қилди. Ўрганиш натижалари кўрсатадики, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича ўз ечимини кутаётган муаммолар, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд.
Туман марказий шифохонаси, айниқса, болалар бўлимида беморларга ётоқ жой етишмайди, хоналар санитария талабларига жавоб бермайди. Туман тиббиёт бирлашмасида 16 мутахассис, шунингдек, қишлоқ врачлик пунктларида умумамалиёт шифокорлари етишмайди. Тез тиббий ёрдам хизматига яна 3 тез ёрдам машинаси зарур.
Аксарият умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари етарлича моддий-техник базага эга эмас, касб-ҳунар коллежларининг айрим йўналиш ва ихтисосликларини ўзгартириш зарур, бадиий ва ўқув адабиётлари етишмайди. Муассасаларнинг 90 фоизи капитал таъмирга муҳтож.
Ёрқин, Нурафшон шаҳарчалари ва «Лолазор», «Чўлигулистон», «Бирлик» қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда муаммолар мавжуд. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан кам таъминланган оилаларга нафақа тайинланиши масаласида камчиликларга йўл қўйилган.
Сессияда аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган ичимлик суви, электр энергияси ва газ таъминоти, ободонлаштириш, уй-жой ва коммунал соҳалардаги аҳвол жиддий танқид қилинди. Зафаробод туман газ таъминоти корхонаси, туман бандликка кўмаклашиш маркази, ветеринария бўлими каби бир қатор ташкилотлар раҳбарларини эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш бўйича вилоят бошқармаларига тақдимномалар киритиш тавсия қилинди.
Изоҳ (0)