Женева шаҳрида ўтаётган Халқаро меҳнат конференциясининг 106-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этаётганлиги аввал хабар қилинган эди. Мазкур конференция доирасида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Т. Норбоева, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А. Абдухакимов, савдо-саноат палатаси раиси А. Шайхов ва касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари Б. Махмадалиевдан иборат уч томонлама ижтимоий ҳамкорлар Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Гай Райдер билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Дарё»га бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.
ХМТ раҳбари Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий соҳада ривожлантиришган қаратилган ислоҳотлар ва аҳолини муносиб бандлигини таъминлаш, хусусан, Президентнинг ижтимоий-меҳнат соҳасини янада такомиллаштириш, иш ҳақи, пенсиялар ва стипендияларни ўз вақтида бериш шунингдек, аҳоли учун соғлиқни сақлаш хизматлари кўрсатилишини яхшилаш, меҳнат соҳасида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган сўнгги қарорлари тўғрисида батафсил таништирилди.
Г. Райдер ХМТ учун Ўзбекистон билан алоқалар жуда муҳим эканлигини билдирди.
«Томонлар ҳамкорликнинг кўплаб соҳаларида сезиларли ютуқларга эришди, бугун эса аввало, бандлик, меҳнат муҳофазаси, гендер тенглик каби соҳаларда янгидан-янги имкониятлар вужудга келмоқда», — деди у.
ХМТ раҳбари ижтимоий соҳа бешта устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ижобий даражада қайд этди. Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича Давлат дастурини амалга оширилиши, халқаро меҳнат стандартларига асосан тадбиқ этилган меҳнат нормаларига юқори баҳо берди.
Г.Райдер Ўзбекистон билан келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш истагини билдирди.
Изоҳ (0)