АҚШ Сенати мамлакатнинг Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчиришга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Ҳужжат учун 100 нафар сенатордан аксарияти овоз берди. Сенат резолюцияси мажбурий кучга эга эмас, балки АҚШ олий қонунчилик органининг масалага муносабатини билдиради.
Конгресс 1995 йилда АҚШнинг Исроилдаги элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш тўғрисида қарор қабул қилган. Бироқ шаҳарнинг баҳсли мақоми туфайли президентлар ҳар ярим йилда мазкур қарор ижросини қолдирувчи ҳужжатни имзолайди.
Оқ уй июнда президент Дональд Трамп АҚШ элчихонасини Тель-Авивда камида ярим йилга сақлаб қолишга қарор қилгани ҳақида хабар берганди.