Янги ишланма Россия ҳарбийларини разведка воситалари учун кўринмасга айлантиради. Бу ҳақда «Трактор заводлари» концерни матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «Интерфакс».
«Технологиянинг ўзи ошкор этилмаяпти, аммо ғоя муаллифлари унда наноиндустриянинг охирги ютуқларидан фойдаланилганлигини яширмаяпти. Янги технология исталган матога тўлқин ютиш хусусиятларини беради. Бошқача қилиб айтганда, оддий униформадаги жангчиларни разведка радиолокация қурилмалари учун кўринмасга айлантиради», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Ишланма ҳаракатланувчи ҳарбий техника ва шахсий таркиб учун енгил тўлқин ютувчи ва бартараф этувчи материалларни яратиш имконини беради.
Шунингдек, янги технология туфайли ҳарбийлар учун мембрана эффектига эга матолар тайёрлаш мумкин. Бундай матоларни ҳарбий хизматчилар либосида қўллаш уларга турли ҳарорат ва босимда ишлаш учун қулайлик яратади.