Қирғизистон фуқаролари кўчки ва зилзилада жабрланган ҳамюртлари учун 38,5 миллион сом (565 минг доллар) тўплади. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Бугунги кунгача кўчкидан жабрланган Аю қишлоғи аҳолиси учун очилган ҳисоб рақамига 19,9 миллион сом (292 минг доллар), зилзила рўй берган Чон-Алай тумани аҳолиси учун эса 18,6 миллион сом (273 минг доллар) келиб тушди. Яқин орада махсус ҳисоб рақамларни ёпиш режалаштирилмаган, чунки маблағ ўтказилиши давом этмоқда», — дейилади ФВВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўш вилоятининг Аю қишлоғида 29 апрелда юз берган кўчки оқибатида 24 киши ҳалок бўлди. Вилоятнинг Чон-Алай туманида 3 май куни содир бўлган 6 магнитудали зилзила туфайли эса бир неча ўнлаб турар-жой ва маъмурий бинолар вайрон бўлди.