31 май куни Ўзбекистон Президенти «Ерларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасида назоратни кучайтириш, геодезия ва картография фаолиятини такомиллаштириш, давлат кадастрлари юритишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Фармон билан 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини самарали ташкил қилиш, соҳага илғор фан-техника ютуқларини жорий этиш, моддий-техника базасини янгилаш, тармоққа халқаро грантларни жалб қилиш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди, деб хабар беради ЎзА.
Фармон шарҳида айтилишича, фармон республика ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини, қишлоқ хўжалиги ерлари унумдорлигини ошириш, шунингдек, соҳа фаолиятини такомиллаштириш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди.
Республика учун ўта долзарб аҳамиятга эга бўлган суғориладиган ерлар 4,3 миллион гектарни, ёки мамлакат умумий майдонининг 9,6 фоизини ташкил этиб, уларда барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 95 фоиздан ортиғи етиштирилади.
Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар қуйидагиларни кўрсатмоқда:
жойларда ердан нооқилона фойдаланишнинг ўз вақтида олдини олиш бўйича ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда етарли даражада тизимли ишлар амалга оширилмаяпти;
қишлоқ аҳоли пунктларида ва маҳаллаларда, айниқса, олис ҳудудларда ерлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам мониторинг қилиш ишлари етарли даражада олиб борилмаяпти;
мавжуд ходимлар сони ер ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш ва уларнинг ҳисобини юритишни тўлиқ амалга ошириш имконини бермаяпти.
Юқоридаги камчиликлар ерлардан оқилона ва мақсадли фойдаланиш, шунингдек, тармоқда қонун ҳужжатларига риоя этиш устидан тўлақонли таъсирчан назоратни таъминлаш имконини бермаяпти.
Қабул қилинган ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
ердан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, картография ва геодезия фаолияти бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;
ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан тизимли давлат назоратини ҳамда қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши бўйича давлат геодезия назоратини амалга ошириш;
тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
ер тузиш, ердан фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш соҳаларида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, ер ресурсларидан фойдаланиш ҳамда ердан фойдаланиш истиқболини ва схемаларини прогнозлаштириш ва режалаштиришда қатнашиш;
учувчисиз аппаратлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик ерларини, қишлоқ хўжалик экинлари ва уларни парваришлашни мониторинг қилиш, геодезик маълумотлар ва картографик материаллардан фойдаланган ҳолда сунъий йўлдош навигация тизими ишлашини таъминлаш ва бошқалар.
Қабул қилинган ҳужжатда Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибидан Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси тасарруфига ўтказиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)