Фанни Ловенштейн исмли аёл Plaza Hotel меҳмонхонасида 35 йил давомида яшашга эришди. Бу ҳақда Forum Daily хабар бермоқда.
Қизиқ томони, Ловенштейн деразалари Марказий боққа қараган уч хонали номер учун ойига бор-йўғи 500 доллар тўлаган. Бундай номерда бир кун туриш учун бугун минг доллар тўлашга тўғри келади.
Ловенштейн The Plaza’га 1958 йили эри Лео Ловенштейн билан кўчиб ўтган. У пайти меҳмонхона узоқ муддатли ижарачиларни қидираётган эди. Орадан уч йил ўтиб, аёлнинг эри вафот этди. Шундан буён Фанни ҳар ой давомида ижара ҳақини ўзи тўлаб борган. Ловенштейн қонунни яхши билгани ва яхши адвокат хизмати туфайли меҳмонхонада бу қадар узоқ туришга эришди.
Гэри Лайман 1977–2004 йилларда Plaza Hotel’нинг адвокати бўлган. Унинг сўзларига қараганда, аёл ўзини ёмон тутган ва турли йўллар билан мақсадига эришган.
«У ҳамма нарсадан шикоят қилар, нуқул бақирар эди. Мен бунга гувоҳ бўлганим учун айтяпман. Ундан — саксон ёшли паст бўйли аёлдан ҳамма қўрқарди», — ҳикоя қилади Гэри Лайман.
New York Times маълумотига кўра, Дональд Трамп меҳмонхонани сотиб олганида, унга Фанни Ловенштейн муаммоси ҳақида гапириб беришган. Ловенштейн Трампнинг меҳмонхона бўйича режаларидан норози эди. Трамп аёлга ўн баробар каттароқ хонани ижара ҳақисиз ҳам таклиф қилган. Ловенштейн бунга рози бўлган.
Охир-оқибат аёл хонасидаги бўёқнинг зарарли эканлигидан шикоят қила бошлаган. У бошқа меҳмонхонага кўчиб ўтиб, у ерда ижара ҳақини тўлиқ ўтаган ва 85 ёшида вафот этган.
Изоҳ (0)