Бугун — 27 май куни Тошкент вақти билан 21:30 да Англия кубогининг финал учрашуви бўлиб ўтади ва унинг доирасида Лондоннинг икки клуби — «Арсенал» ҳамда «Челси» майдонга чиқиб келади.
«Челси» АПЛ чемпионлигини қўлга киритишга муваффақ бўлди. Антонио Конте шогирдлари келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасида иштирок этади. Унинг қаторида вице-чемпион «Тоттенҳэм», чемпионатни кучли тўртликда якунлаган «Манчестер Сити» ҳамда «Ливерпуль», шунингдек, Европа лигасида муваффақият қозонган «Манчестер Юнайтед» ҳам Чемпионлар лигасида тўп суради.
Мазкур жамоалар орасига фақатгина «Арсенал» футболчилари кира олмади. Мавсум давомида бирорта соврин юта олмаган «тўпчилар» келаси мавсумни Европа лигасида ўтказади. Бугун Арсен Венгер жамоасида мавсумни соврин билан якунлаш учун сўнгги имконият бўлади.
Маълумот учун, Англия лига кубогида зафар қучган «Манчестер Юнайтед» футболчилари, мамлакат кубогининг чорак финалидан ўта олмаганди. «Челси» финалга қадар «Питерборо» (4:1), «Бренфорд» (4:0), «Вулверҳэмптон» (2:0), «Манчестер Юнайтед» (1:0), «Тоттенҳэм» (4:2) клубларини ортда қолдиришга муваффақ бўлди. «Арсенал» эса «Престон» (2:1), «Саутгемптон» (5:0), «Саттон Юнайтед» (2:0), «Линкольн» (5:0), «Манчестер Сити» (2:1) каби клублари довонидан ўта олди.
Изоҳ (0)