Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Женевада 22 май куни бошланган Жаҳон соғлиқни салқаш ассамблеясининг 70-сессиясида маъруза қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ҳар йили Женевада ўтказилувчи Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг сессиясида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари иштирок этиб, соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича кузатилаётган глобал муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида муҳокамалар ўтказади.
Бу йил 31 майга қадар давом этиши кутилаётган сессияда иштирокчилар соғлиқни сақлаш соҳасига доир фавқулодда вазиятлар, халқаро тиббий-санитария қоиадалари, полиомиелит, микробга қарши дори воситаларига нисбатан чидамлилик, дори воситалари ва вакциналар таъминоти каби долзарб мавзуларда муҳокамалар бўлиши кутилмоқда.
Сессияда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам маъруза қилди. Ўз чиқишида вазир БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларининг 3-устувор мақсади бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.
2015 йилнинг сентябрида Ўзбекистон ҳам БМТнинг барча аъзо давлатлари қаторида 17 та мақсад ва уларга бириктирилган 169 та мақсадли кўрсаткичлардан ташкил топган Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлаган эди.Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг маърузасидан сўнг, ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесус ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси раиси Вероника Скворсова Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.Мазкур рўйхатдаги 3-устувор мақсад — соғлом турмуш тарзи ва шунга мувофиқ ҳар қандай ёшда ҳар бир киши учун фаровонликни таъминлашга қаратилган. Ўзбекистон ўз олдига оналар, чақалоқлар ва 5 ёшгача бўлган болалар ўлимини камайтириш, юқумли ва вирусли касалликлар, юқумли бўлмаган хасталиклар кўрсаткичини янада пасайтиришни асосий мақсад қилиб қўйган.
Алишер Шодмонов, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири
Изоҳ (0)