2017 йилнинг 14—17 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги масъул ходимлари ва Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси дипломатларидан иборат таркибдаги ўзбек делегацияси Россия Федерациясининг Ростов вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
14 май куни «Меҳнат миграцияси соҳасида Ўзбекистон—Россия ҳамкорлигининг асосий йўналишлари тўғрисида» мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда Ростов вилояти етакчи компаниялари вакиллари, шунингдек, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги йирик иш берувчилар, кадрлар соҳасидаги агентликлар ва суғурта компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари агентлик фаолияти билан таништирилди ва уларга мамлакатнинг кадрлар соҳасидаги юқори салоҳияти, шунингдек, Россия Федерацияси билан меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.
15 май куни делегация миграция билан боғлиқ вазиятни жойларда ўрганиш мақсадида чет эллик фуқароларни вақтинчалик ушлаб туриш махсус муассасасига ташриф буюрди. Шу кунинг ўзида агентлик ва Ўзбекистон Республикаси элчихонаси вакилларининг Донской давлат техника университетига ташрифи ташкил этилди. У ерда Ростов вилояти ОТМларида таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан суҳбат ташкил этилди.
16 май куни «Дон плаза» конгресс-меҳмонхонаси биносида агентлик ва Ўзбекистон Республикаси элчихонаси вакилларининг Ростов вилояти маъмурияти, жумладан, ТИВ, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, бандлик хизмати бошқармаси, Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлигининг меҳнат бўйича бошқармаси, шунингдек Дон қурувчилар ассоциацияси вакилларининг учрашуви ташкил этилди.
Агентлик делегациясининг «Ростов порти» давлат компаниясига ташрифи амалга оширилди.
Изоҳ (0)