Франциянинг «Миллий жабҳа» партияси раҳбарияти Европа Иттифоқи таркибидан ажралиб чиқиш ҳамда миллий валюта — франкка қайтиш борасидаги режаларидан воз кечди. Бу ҳақда партиянинг иқтисодиёт бўйича стратеги Бернар Боно баёнот берди, деб хабар қилмоқда «РИА Новости».
Сайлов кампанияси чоғида ушбу икки ташаббус партия илгари сурган платформанинг энг асосий бандлари бўлган эди. Аммо партия етакчиси Марин Ле Пен сайловда Эмманюэль Макрондан мағлуб бўлди. Эндиликда мағлуб партия сиёсатини қайта кўриб чиқмоқчи.
«Фрекзит бўлмайди. Биз Франция халқи бизга нима деганини тушундик. Мен ҳозир ҳам техник жиҳатдан евро мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман, аммо буни зўрлаб сингдириб бўлмайди. Бизнинг янги сиёсатимиз — Евроиттифоқ доирасидаги келишувларни қайта кўриб чиқиш, ўзимизга бюджет ва банк тизими устидан назоратнинг катта қисмини қайтариш», — деди сиёсатчи Telegraph газетасига берган интервьюсида.
Изоҳ (0)