Италия ҳукумати 103 та тарихий бино, шу жумладан, ўрта аср қасрлари, вилла ва ибодатхоналарни янги эгаларига бепул топширишга тайёр. Янги хўжайинларга қўйиладиган асосий шарт ушбу биноларни туристик жиҳатдан диққатга сазовор жойга айлантиришдир, деб хабар беради «Интерфакс».
Тилга олиб ўтилган бинолар мамлакат марказидаги саккиз анъанавий туристик йўналиш бўйлаб, шунингдек, Сицилия ва Сардиния оролларида жойлашган.
«Лойиҳа секин ўсаётган туристик секторни қўллаб-қувватлаш ва ўстиришга қаратилган, — деди давлат кўчмас мулк агентлиги вакили Роберто Режи. — Унинг мақсади ишлатилмаётган хусусий ва жамоат биноларини пиёда туристлар, велосипедчилар ва зиёратчилар учун қизиқ жойга айлантиришдир».
Бепул кўчмас мулкка даъвогарлар уни фақат тўққиз йилга олиши мумкин. Бундай инсонлар 26 июнга қадар агентликка талабнома юбориб, унда бинода қандай ўзгаришлар бўлишини тасвирлаб бериши лозим. 40 дан ошмаган номзодларга алоҳида эътибор қаратилади.
Лойиҳа омадли тугаган тақдирда ҳукумат икки йил ичида истаганларга яна 200 га яқин объектни совға қилади.
Изоҳ (0)