Президент Шавкат Мирзиёев Янгиер шаҳрига ташрифи чоғида хусусийлаштирилган, аммо бугун бўш турган корхона ва объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан қизиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Давлат раҳбарига вилоят иқтисодиёт комплекси томонидан хўжалик юритувчи субъектларни молиявий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ҳаракатлар режаси тўғрисида маълумот берилди. Президент мазкур ҳаракатлар режаси бўйича ҳар ойда бажариладиган ишларни аниқ белгилаш ва мутасаддиларнинг масъулиятини ошириш, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.
Сирдарё вилоятидаги хусусийлаштирилган 1343 корхонада ўтказилган хатлов натижасида бугунги кунда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган 237 объект аниқланган. Ушбу объектлардан 130 таси фаолиятини қайта тиклаш бўйича инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган. Унга кўра мазкур корхоналарда саноат йўналишида қиймати 51,9 миллиард сўмлик 36, қишлоқ хўжалигида 11,8 миллиард сўмдан ортиқ 26, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишида 18 миллиард сўмдан ортиқ миқдоридаги 68 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Натижада 1300 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилади.
Гулистон шаҳридаги собиқ «Восток ЛТД» корхонасининг бўш турган биносида Record Textile МЧЖ томонидан қиймати 10,1 миллиард сўмлик ип-калавани бўяш, Сардоба туманидаги собиқ паррандачилик мажмуасида «Бобур» МЧЖ томонидан қиймати 1,9 миллиард сўмлик бройлер жўжалари етиштириш, Сирдарё туманидаги собиқ спорт жиҳозлари заводида «Файз» МЧЖнинг 20 миллиард сўмлик инвестицияси ҳисобидан ғўзапояни қайта ишлаш орқали ДСП ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.
Вилоятда фойдаланилмаётган давлат объектлари 75 тани ташкил этади. Уларнинг 34 тасини «ноль» харид қийматида сотиш, яроқсиз бўлгани сабабли иккитасини бузиш ва бўшаган ер майдонини тадбиркорларга бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Изоҳ (0)