9–13 май кунлари Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Маданият вазирлигидан хабар беришларича, Ўзбекистон делегацияси Душанбе халқаро аэропортида карнай-сурнай билан кутиб олинган. Маданий тадбирда «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси вакиллари, Ўзбекистон халқ артистлари, «Ниҳол» мукофоти совриндорлари, халқаро танловлар ғолиблари, «Ўзбекистон» ашула ва рақс ансамбли иштирок этган.
Маданият кунларининг очилиш маросими 10 май куни Садриддин Айний номидаги давлат академик опера ва балет театрида бўлиб ўтди. Унда Тожикистон ҳукумати аъзолари, Маданият вазирлиги ва дипломатик корпус вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Театр фойесида Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида эришган ютуқларига бағишланган «Замонавий Ўзбекистон» номли фотокўргазма ташкил этилди.
«Коҳи Наврўз» мажмуасида бўлиб ўтган «Ота» ва «Ойқиз эртаги» бадиий фильмлари намойиши ҳам томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Душанбе шаҳри билан бир қаторда Қўрғонтепа ва Турсунзода шаҳарларида ҳам концерт дастурлари ўтказилди.
Тожикистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон ва Тожикистон маданий алоқалари ҳамда Ўзбекистон маданияти кунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Ўзбекистон маданияти кунлари Тожикистон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.
Муқаддам Маданият вазирлиги матбуот хизмати маданият кунларидан фотосуратлар тақдим этган эди.
Изоҳ (0)