Москвада «Мосгортранс»га тегишли автобуслар ҳайдовчилари сифатида ишлаш учун Ўзбекистондан минг нафар одам тўпланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Facebook’даги саҳифаси орқали маълум қилинди.
«‘Мосгортранс’ компаниясида Москва шаҳридаги йўналишли автобуслар ҳайдовчиси лавозими бўйича меҳнат фаолиятини амалга оширишни истаган Ўзбекистон фуқаролари орасида танлов ўтказилмоқда», — дейилади хабарда.
Танлов агентлик томонидан Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги Россия меҳнат мигрантларига ҳуқуқий кўмак бериш агентлиги билан ҳамкорликда меҳнат миграциясини ташкил этиш тўғрисидаги келишув доирасида амалга оширилмоқда.
Номзодларга қўйилаётган талаблардан бири тил билиш билан боғлиқ: танловни ўтишни истаганлар рус тилини яхши билиши, шунингдек, мол-мулкка эҳтиёткор муносабатда бўлиши талаб этилади.
Шартнома уч ойлик синов муддати ҳамда 43–63 минг рубль миқдоридаги маошни назарда тутади.
Изоҳ (0)