12−13 май кунлари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида тошкентлик товар ишлаб чиқарувчиларнинг биринчи кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда, Тошкент ҳокимияти матбуот хизматига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Тошкентлик 150 дан ортиқ тадбиркор қўшни шаҳарда турли соҳалар, жумладан, машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё, енгил саноат, озиқ-овқат саноати, мебель ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш сингари соҳаларга оид мингдан ортиқ маҳсулотларини намойиш этди.
Кўргазмага Жанубий Қозоғистон вилоятидан 5 мингдан ортиқ тижоратчи ташриф буюрди. Шартнома ва экспорт баённомаларининг умумий ҳажми 18 миллион доллардан ошди.
Тадбир доирасида, шунингдек, Чимкент ва Тошкент ҳокимиятлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат Чимкентда Тошкент савдо уйининг очилишини ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларнинг ривожланишини назарда тутади.
Бундан ташқари, тошкентлик артистларнинг концертлари, ўзбек ошхонаси фестивали ўтказилди.
Тошкент ҳокимияти шу каби кўргазмаларни Олмаотада (Қозоғистон), Ўшда (Қирғизистон) ва Ашхободда (Туркманистон) ўтказишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)