11 май куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон–Германия вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувларининг 13-раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маслаҳатлашувларда қатнашиш учун Германия ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вакили Андреас Пешке бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига ташриф буюрди.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, илм-таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томон кун тартиби масалалари батафсил кўриб чиқилди.
Учрашувда таъкидланганидек, мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия канцлери Ангела Меркель бир-бирларига табрик мактубларини йўллагани икки томон ҳам серқирра ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантиришга катта эътибор қаратиши ҳамда турли даражалардаги алоқаларни фаоллаштириш орқали муҳим глобал ва минтақавий масалалар юзасидан мунтазам мулоқотни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлайди.
ТИВдаги фикр алмашинуви чоғида 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг амалий жиҳатлари кенг кўламли ҳамкорлик қилиш учун янги истиқболли йўналишлар, хусусан замонавий немис технологияларини жалб қилиш орқали қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини яратиш ва инвестицион соҳадаги алоқаларни ривожлантириш имконини яратади.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Германиянинг илмий муассасалари ва ўқув юртлари, маданият ва санъат фаоллари ҳамда жамоатчилик ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни қўллаб қувватлади.
Шунингдек, ташқи сиёсат идоралари вакиллари долзарб халқаро ва минтақавий масалаларни ҳам кўриб чиқди.
Маслаҳатлашувларда Германия элчиси Найтхарт Хофер-Виссинг иштирок этди.
Изоҳ (0)