Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзиньпин таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Пекинга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Икки давлат байроқлари билан безатилган «Шоуду» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Президентини Хитой расмий шахслари кутиб олди.
Ташрифнинг асосий воқеалари 12—13 май кунларига белгиланган.
Ўзбекистон Президенти Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Давлат Кенгаши бош вазири Ли Кецян, Халқ вакиллари Умумхитой Мажлиси Доимий қўмитаси раиси Чжан Децзян ва бошқа раҳбарлар билан учрашади.
Музокараларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилади. Томонлар минтақавий ва халқаро долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.
Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи давомида Хитойнинг етакчи компания ва фирмалари вакиллари билан ҳам учрашувлар режалаштирилган.
Олий даражадаги музокаралар якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилиниши, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида турли соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга доир ҳукуматлараро, идоралараро битимлар ва бошқа қатор ҳужжатлар имзоланиши мўлжалланган.
Ташриф доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида катта ҳажмдаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий шартнома ва битимлар имзоланиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 14—15 май кунлари Пекин шаҳрида ўтадиган «Бир белбоғ, бир йўл» халқаро форумида ҳам иштирок этади.
Изоҳ (0)