Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг бир гуруҳи Бухоро вилояти Вобкент туманида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўрганиш якунлари халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди. Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, маҳаллий ҳокимият бошқаруви органлари, фаоллар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари иштирок этди.
Ўрганиш давомида 300 дан ортиқ хонадон, кўплаб маҳаллий давлат органлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ижтимоий соҳа муассаса ҳамда ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Мулоқотлар жараёнида туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган, яъни аҳоли бандлигини таъминлаш учун қўшимча иш ўринлари яратиш, томорқани суғоришга хизмат кўрсатувчи ички ирригация тизимини яхшилаш, дори воситалари нарх-навоси устидан самарали мониторинг ўрнатиш бўйича кўтарилган 110 дан зиёд масала жойида кўриб чиқилди, улар юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.
Сессияда мактабгача таълим муассасалари, ички йўллар, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида, шунингдек, «Марказий бозор» МЧЖда аҳвол қониқарсизлиги, дебиторлик қарздорликни бартараф этишдаги сусткашлик, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар ва бошқа масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Амалий танқид руҳида ўтган сессияда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида мавжуд муаммоларни ўнглаш бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Изоҳ (0)