Ўзбекистон Президенти девонининг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимлари томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган сайёр қабулда Миришкор, Муборак ва Касби туманлари аҳолисидан Президентнинг виртуал қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларда кўтарилган масалаларга ечим изланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Юзма-юз мулоқотда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.
Тадбирда Президентнинг виртуал қабулхонасига Миришкор тумани аҳолисидан 1940 та мурожаат келиб тушгани айтилди. Уларнинг 370 таси туман ҳокимлиги ваколати билан боғлиқ. Мурожаатлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда, уларнинг асосий қисми уй-жой олиш ва уй-жой қуриш учун ер ажратиш, уй-жойни таъмирлаш, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, банк-молия, солиқ, суд, меҳнат ва бандлик, жумладан, ишга жойлашиш, ишга тикланиш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалиги, йўлларни таъмирлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари, табиий газ, электр таъминоти, транспорт ва йўловчи ташиш хизматлари бўйича келиб тушган.
Шу куни Қарши санъат коллежида Қарши шаҳри, Косон ва Қарши туманлари учун ҳам сайёр қабул ўтказилди.